Матбуот хизматларида «оммавий бўшаш» бошланди. АОКА нима дейди?

0
25

Шу кунларда турли ташкилотлар ва вазирликларда раҳбарнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси — матбуот хизмати раҳбарларининг ишдан кетиши кузатилмоқда.

Jahon.uzнинг ёзишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев, Маданият вазирлигидан Муродилла Алимбаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг матбуот котиби Раҳимжон Маҳкамов лавозимларидан озод этилган.

Уларнинг ишдан кетиши сабаби раҳбарият алмашинуви ва «янги жамоа»нинг келиши билан изоҳланади.

Шу ўринда матбуот хизматлари билан бевосита ишловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига савол туғилади: раҳбар алмашса, журналистларнинг ҳам ишсиз қолиши ёки ишдан кетиши қачонгача давом этади?

«Биздаги маълумотларга кўра, айрим матбуот котиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги аттестациядан ўта олмаганлар (лекин уларнинг рўйхати эълон қилинмайди)», дейилади манбада.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимининг матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев шаҳар ҳокимига ўринбосар этиб тайинланган эди ва бу лавозим ҳозирча бўш.

Ўзгаришларни кузатамиз. Ташкилотлар матбуот котибларини лавозимга тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан маслаҳатлашади-ю, ишдан олишда «ўзига хон, кўланкаси майдонми»?

Бу ҳақда aniq.uz ҳабар бермоқда.

Комментария қолдиринг!