Лукашенко ваколатларини бўлишишга тайёр, аммо ҳамма нарсани назорат қилишни хоҳламоқда

0
29


11 феврал куни Минскда Бутунбеларус йиғини — ҳокимият ва жамоатчиликнинг 2700 нафар вакили иштирокидаги икки кунлик съезд иш бошлади. Биринчи куннинг асосий натижаси — Александр Лукашенко 2021 йил бошида Беларусда ваколатларни ҳукумат ва парламент фойдасига қайта тақсимлаш билан боғлиқ мамлакатнинг янги конституцияси лойиҳасига овоз бериш ўтказилишини ваъда қилди.

У бу гапни уч соат-у қирқ дақиқа давом этган нутқининг охирида айтди. Бироқ ушбу нутқдан келиб чиқадики, Лукашенко аввалгидек ҳамма нарсани: ташқи сиёсатдан тортиб то Минскдаги чанғи йўлининг ҳолатига қадар назорат қилишни хоҳлайди, деб ёзади BBC.

Бутунбеларус йиғини ҳар беш йилда ўтказилади, Лукашенко уни «вече» деб атайди.

Унга ўтган йилнинг кузидан бошлаб тайёргарлик кўрилди ва президентнинг сўзларига кўра, айнан йиғин Беларус Республикасининг янги Конституциясини ёзишга тайёргарликни бошлаши керак эди. Шуниси ҳам борки, барча нарсани Лукашенконинг ўзи бажарди.

Саҳна тепасига «Бирлик, тараққиёт, мустақиллик» шиори илинган залга 2700 нафарга яқин делегат — ҳокимият, саноат корхоналари, касаба уюшмалари, фан, маданият ва спорт вакиллари тўпланди. Кўпи билан, ҳар эллик кишидан бири тиббий ниқобда эди. Йиғинда сайлов натижаларига қарши оммавий намойишлар ташкилотчиларидан ҳеч ким йўқ эди.

Съезд дарҳол президиумни сайлади ва кейинги тўрт соат Александр Лукашенконинг нутқи билан ўтди.

Унда барча мумкин бўлган мавзулар қамраб олинди: лифт ишлаб чиқариш ва област марказлари атрофини айланиб ўтувчи йўллар қурилишидан тортиб ташқи сиёсатгача. У содир бўлаётган воқеаларни «давлатимиз ҳаётидаги бурилиш даври» деб атади.

«Беларус ташқаридан қаттиқ ҳужумга дуч келди, — деди Александр Лукашенко. — Улар [Ғарб давлатлари] илк бор ўз услубларини вайрон бўлган ва йиқилган мамлакат мисолида эмас, балки монолит республикада қўллашга қарор қилишди«.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йил августда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин бошланган воқеалар ҳатто «рангли инқилоб» эмас, балки исён ва блиц-криг эди.

У ўзидан ҳокимиятни тортиб олишга уринганларнинг дастурини маълум қилди: дастурдан саноатни хусусийлаштириш (Россия бизнесининг иштирок этиш имкониятисиз), Россия телеканалларини тақиқлаш, беларус тилини асосий деб белгилаш, қишлоқ хўжалиги ерларини сотиш каби Россия билан тузилган иттифоқ давлатидан коллектив хавфсизлик шартномасига қадар барча шартномалардан чиқиш ўрин олганди.

Ушбу режаларнинг барчасида фақат битта камчилик бор эди: президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская атрофида бирлашган мухолифат ҳеч қачон бундай баёнот бермаган.

Баъзида Лукашенко ўз сўзларига қарши чиқди. Гоҳ мухолифат телеграм-каналларини камроқ кўришга чақирган бўлса, гоҳ делегатлардан «ёш авлод айпадларидаги воқеалардан хабардор бўлиб туришни» сўради.

У Беларус Россиясиз яшай олмаслигини айтди, сўнгра эса Россия бозор ставкасидан юқори фоизда кредитлар бераётганидан шикоят қилди.

Лукашенко бутун нутқи давомида ҳамма нарсани бошқаришни хоҳлаётганини англатди: янги ишлаб чиқаришларнинг очилиши, талабаларнинг кайфиятидан тортиб (талабалар билан шахсан учрашган ва унинг сўзларига кўра, шундан сўнг норозилик кайфияти пасайган) ва ҳатто баъзан норвегияликлар ҳам чанғи учишга келадиган, минскликлар эса четида спиртли ичимликлар ичиб ўтиришни маъқул кўрадиган Минскдаги чанғи трассасигача.

Энг асосий гап фақат нутқ охирида янгради. Лукашенко 2021 йилда Беларус Республикасининг янги Конституцияси лойиҳасини муҳокама қилишга ва 2022 йил бошида уни умумхалқ овозига қўйишга тайёр.

Аммо шартлар ҳам айтилди. Лукашенко ҳукумат ва парламентга кўпроқ ваколатлар беришни ваъда қилди (ҳозирча қандай ваколатлар эканлиги ноаниқ) ва кетидан дарҳол масъулият мос равишда ошиши ҳақида огоҳлантирди.

Ниҳоят, шундан сўнг у истеъфога чиқиши Конституция қабул қилинганидан кейинми ёки қачондир юз беришига аниқлик киритмаган ҳолда шартларини айтди. У мамлакатда ҳеч қандай тартибсизлик бўлмаслиги кераклигини ҳамда ҳокимият тепасига мухолифат келадиган бўлса, «тарафдорларининг бошидан бир тола ҳам сочи тўкилмаслиги»ни талаб қилди.

Светлана Тихановская йиғиндан бир кун олдин «беларуслар ғалабасининг очиқ стратегия»сини эълон қилганди. Унда Александр Лукашенко ўзининг «шахсий инқирозини бутун мамлакатнинг инқирози»га айлантиргани айтилган. Энди ҳеч бир томон –ҳокимият ҳам, мухолифат ҳам якуний ғалабага эришиш учун ресурсларга эга эмас. Демак, амалдаги президентни музокараларга кўндириш даркор.

Бундан ташқари, Тихановская баҳорда оммавий норозилик намойишлари қайтадан бошланишини ваъда қилган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.

Комментария қолдиринг!