Махфий хизмат ходими, Ислом Каримовнинг биринчи тансоқчилари бошлиғи айрим сирларни ошкор қилди (+видео)

0
191

Ислом Каримовнинг биринчи хос соқчилари бошлиғи бўлган Жаҳонгир Абиров, бугун оддийгина дала ҳовлисида яшайди. 77 ёшга кирган бўлса-да ҳали ҳам ғайратли, спорт билан мунтазам шуғулланади, китоб ўқийди, тинимсиз меҳнат қилади. Ўзининг чоғроққина иссиқхонаси ва кичик боғида мевалар етиштириб “Меҳрибонлик уй”ларига тарқатади.

Мамлакатнинг биринчи раҳбари билан ишлаган, энг яқин сафдошининг бугунги ҳаёти биз ўйлаганимиздан кўра жуда ҳам оддий. Лекин, бу ҳолат уни ўйлантирмайди. “Менинг ҳаётим мазмуни фақат Ватанга хизмат қилиш эди. Ўз бурчимни бажариш учун ҳамма нарсадан воз кечганман. Бош ғоям эса ҳалоллик! Ким ҳалол ишласа, ўз манфаатини Ватан манфаатидан устун қўймаса, иш фаолияти давомида бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаган бўлса, ҳеч кимга адолатсизлик қилмаса, у тинч ишлайди. Мана мен тинч ухлаяпман. Асосий бойлигим эса – оилам ва манави жавондаги китобларим”, дея собиқ хавфсизлик тизими ходими Жаҳонгир Абиров Rost24.uz ахборот сайтига ўз ҳаётидаги қизиқарли ҳодисаларни сўзлаб берди.

*** 
“Хавфсизлик тизимида иш бошлаганимда биринчи бўлиб давлатга қарши жиноятлар қилувчи нолегал шахсларни аниқлаш бўлимида фаолият олиб борганман”
 

— Мен қийинчиликда, отасиз ўсганман, лекин энг кўп қизиққаним китоб ўқиш эди. Ҳозиргача ҳам китобсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Кечки гуруҳда ўқиганман. Мен учун энг қимматли нарса вақт. Худди айнан у менга доим етмаётгандек туюлаверади. 
16 ёшга кирмаган эдим, соат 3 гача ўқирдим, кейин спорт машғулотлари, ундан кейин заводга ишга борардик. Бир муддатдан сўнг ҳарбий хизматга кетдим, у ерда спорт билан шуғулланишда давом этдим ва чемпион бўлдим. Келганимдан кейин таълимда ишладим. Хавфсизлик тизимида иш бошлаганимда биринчи бўлиб давлатга қарши жиноятлар қилувчи нолегал шахсларни аниқлаш бўлимида фаолият олиб борганман.

***
 “Бир куни бир корхонада хориж агенти ишлаётгани ҳақида хабар келди. Мен уни уни топишим керак эди”
 

— 1970 йилларнинг боши эди. Бир куни бизга бир корхонада хориж агенти ишлаётгани ҳақида хабар келди. Мен корхонага бордим. Кузатдим. Бир киши жамоавий суратларга умуман тушишни истамас экан. Эътиборимни шу одам тортди. Кейин суриштирсам у ходим ўзи жаҳон урушида қатнашган, уйланган. Лекин эътиборимни тортган жиҳати у хотинининг фамилиясини олгани бўлди. Кейин иккинчи хотинга уйланган ва яна фамилиясини алмаштирган. Умуман олганда уч марта фамилиясини алмаштирган экан.

***
«Ўзини осган одам билан боғлиқ ҳолатни ўргангандим. Аслида марҳумни қора шинелли одам ўлдирган эди»

— Бир марта ўзини осган одам билан боғлиқ ҳолатни ўргангандим. Ўшанда ҳаммаси худди ўзини осгандек қилиб уюштирилган эди. Мен воқеа жойини ўргандим. Аслида марҳум ўзини осгандек бўлса-да, “табуретка”нинг туришидан худди кимдир бу стулни тепиб юборгандек туюлганди менга. Кейин кўчада суриштирув ўтказдим…
Бир кампир ва чол ўтирган экан. Сўрасам қора шинелли одам айнан ўлим қайд этилишидан олдин хонага кирганини айтишди. Шундан кейин бу ишда ҳақиқий айбдорни фош қилганмиз. Айтмоқчи бўлганим, бизнинг ишда энг кичик деталлар ҳам аҳамиятга эга.

***
“Мени Учқудуқ конига жўнатишди: қўлимизда на ҳужжат бор ва на тўппонча…”

— 1981 йил мени Учқудуқ конига жўнатишди… У ерда ҳамма нарсани бошидан бошладим ва мени бошлиқ қилиб тайинлашди. Ишлаш осон бўлмади. Қўлимизда на ҳужжат бор на тўппонча, аммо қандай бўлмасин, ишни бажариш керак… Ўзим тўғри борсам қабул ҳам қилишмайди. Кейин бу вазиятдан ҳам чиқдим. Телефон қилдим-да ўзимнинг лавозимимни айтдим ва бироздан кейин ёрдамчимни жўнатишимни ва менга маълумот юборишини сўрадим. 
У томондаги киши “Йўқ”, демади ва кейинроқ ўзим бордим, аслида ҳеч қандай ёрдамчим бормаганди. Бошлиқ телефон қилдими, мени жўнатди, дедим-да ҳужжатларни ўрганишни бошладим. Вазиятлардан шундай чиқишга тўғри келади баъзида…

*** 
“Бир куни Уран конида ғарбнинг разведкаси вакили ишлаётганини ва уни топишимиз кераклиги тўғрисида топшириқ келди”

— Бир куни Уран конида ғарбнинг разведкаси вакили ишлаётгани ва уни топишимиз кераклиги тўғрисида топшириқ келди. 10 мингдан зиёд “карта”ни ўргандик. Худди гуруч курмагини тергандик тердим. Биз биринчи учта категорияга бўлдик. Бир неча саволлар қўйдик: Хўш нега ишлашга келган, нимага у учун бу ер қизиқ бўлиши мумкин. Ахир у ер зарарли жой, 50 даражадан юқори ҳарорат. Ойлик ёки ўзи ёшроқ бўлса экан, қизиқиш уни бошлаб келган, дейиш мумкин.
Излаш давомида бир йигитнинг гаплари менда шубҳа уйғотди. Кейин билсам, ўша йигит олдин Афғонистонда хизматда бўлганида безорлик қилганини аниқладик ва ўзимизнинг услублар билан қайта текширганимизда, айнан ўшанинг алоқадорлиги аниқланди.

*** 
“Учқудуққа осмондан бир жисм тушганди”

— Бир куни оддий аҳолидан “бир ялтироқ жисм ётибди”, деган хабар келди. Мен ўзим билан пиротехникни олдим ва 4 киши етиб бордик. Қарасак, бу сунъий йўлдош экан. Жуда эҳтиёткор бўлиш керак эди, бу биологик қуролми, тегсангиз портлаб кетадими, йўқми билмайсиз. Қарорни эса сиз қабул қилишингиз керак. Бу қарорда сизнинг ҳаётингиз ҳам гаровда туради. Биз ҳарбий самолётни чақиришга қарор қилдик ва у қурилмани ҳарбий самолётда олиб кетишганди.

*** 
“Учқудуқдаги даҳшатли фожиа — 200 дан ортиқ жасадни териб тобутларга солганман

— 80-йиллар ўрталари эди, Қарши – УФА – Ленинград йўналишида ҳаво кемаси билан алоқа узилди, деган хабар келди. Мен бир неча кичик гуруҳлар туздим. Улар таркибига чўпонлар, геолог разведкачилар, қутқарувчилар киритилганди. Самолётни тонги 4 ларда топдик. Текширилганда улар юқори босим сабабли ҳавонинг ўзидаёқ ҳалок бўлишган экан. Бизга цинк тобутларга куйган жасадларни солиш айтилди. Уларнинг шахсини чипталар ва ўриндиқлар рақами ёрдамида аниқлагандик. Вазият жуда машъум эди…

*** 
“Фарғона воқеалари” — оммавий тартибсизларни тўхтатишни бизга топширишганди

— Фарғона фожиасига гувоҳ бўлгандим. Ўша вақтдаги оммавий тартибсизларни тўхтатишни бизга топширишганди. Жуда катта иш қилинганди. Ўшнада бир ўзбекни жасадини ҳокимиятга олиб келишди ва атайин “провокация” қилишди. Ёки бошқа миллатдан кимдир ўлса, албатта, айнан уни миллатига доир алоҳида ахборот тарқатишга ҳаракат қилишарди. Жуда қалтис вазият. Асосий фитначиларни аниқлаш керак эди. Бўлмаса янаям жиддий тус олиши мумкин эди. Биз бу масалани ҳам гуруҳимиз билан ишлагандик.

***
 “Ислом Каримовни қўриқлаш топшириғи”

— 1990 йили май ойи ўрталари эди. Рустам Иноятов менга қўнғироқ қилди ва энди Сурхондарёга ишга кетасан, деди. Боришдан олдин Президент билан кўришишим керак эди. Икки кундан кейин раҳбаримиз телефон қилди. Георгий Крайнов мени Ислом Абдуғаниевичнинг олдига олиб кирди. У эса ўз жамоамизни шакллантиришимизни айтишди.
“Мен Сурхондарёга ким мен билан борарканман”, деб ўйлаб турсам, аслида Президент қўриқлаш хизматини бошқариш топширилган экан. Умуман кутилмаганда содир бўлган бу тайинлов.

*** 
“Президент Каримов билан биринчи саёҳатим”

— Биринчи раҳбар билан биринчи саёҳатимиз Туркманистонга бўлганди. У ердаги ҳамкасбим бизни Президент турадиган жойга олиб борганди. У менга бу ерда ҳеч ким яшамайди, деди.
Мен унинг бу фикрини фақат сўзига ишониб эмас, балки далил билан аниқлашим керак эди. Шунчаки сув жўмрагини очиб кўрдим. Зангли сув тушди ва бу ҳолат бу ерда ҳеч ким яшамаганига ишора эди.

*** 
“Ислом Каримовни халқ билан кўришганда кўпроқ ҳимоя қилар эдик”

— Ислом Абдуғаниевични иккита сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Биринчи президент бўлиши – Ўзбек халқининг ютуғи. Нима учун? У жуда доно, ақлли одам эди. Талабчан ва ўта меҳнатсевар. У кечгача халқ учун ишларди. У ўзининг меҳнати ва сиёсати билан халқаро миқёсда ҳурмат қозонди. Шахсан Путин уни ҳурмат қилган. Путинни биласиз, у халқаро миқёсда қандай обрўга эга. Айтмоқчиманки, Путин Каримовдан кўп нарсаларни ўрганган. У бундан уялмаган.
Уни қачондан бери билсам, у ҳеч қачон таътилга чиқмаган. Ишга эрта келиб, кеч соат 10 да уйга қайтарди. Халқ билан кўришганда кўпроқ ҳимояламоқчи бўлардик, шунда у ҳаддан зиёд тартиб сақлаяпсан, дерди.
Мен «Ислом Абдуғаниевич, сизни халқ яхши кўради, худо кўрсатмасин, бирор гап бўлса, менинг ишим чатоқ бўлади. Ҳарбий прокурор олиб бориб қамайди. Мен ўз вазифамни бажаряпман. Топшириқ – топшириқ, мен сизга содиқман. Бошингиздан бир тола сочингиз тўкилишини ҳам хоҳламайман», дердим.

*** 
“Мен бугун тинч ухлаяпман”

— Менинг ҳаётим мазмуни фақат Ватанга хизмат эди. Ўз бурчимни бажариш учун ҳамма нарсадан воз кечганман. Бош ғоям эса ҳалоллик! Ким ҳалол ишласа, ўз манфаатини ватан манфаатидан устун қўймаса, иши давомида бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаган бўлса, ҳеч кимга адолатсизлик қилмаса, у тинч ишлайди. Мен бугун тинч ухлаяпман. Асосий бойлигим эса, оилам ва манави жавондаги китобларим, ҳукумат тақдирлаган медал ҳамда унвонлар… Ҳатто машинам ҳам кредитда, ҳали уни тўлашим керак, ишим кўп… Одамларни тушунмайман, ўз вақтини моддий бойликлар йиғишга сарфлайди. Аслида ҳаётнинг мазмуни моддиятда эмас, шукр қилишда.

Бу ҳақда aniq.uz ҳабар бермоқда.

Комментария қолдиринг!