Пашинян давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди, Ереванда намойишлар бошланди

0
18

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван марказида тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди ва мамлакатдаги вазият кескинлигича қолаётгани, аммо назорат сақлаб турилгани, қуролли кучлар эса халққа ва ҳукумат раҳбарига бўйсунишини маълум қилди. Пайшанба тонгида Арманистон бош штаби Пашиняннинг истеъфосини талаб қилганди. Бош вазир бунга жавобан Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарян ва унинг ўринбосарини ишдан бўшатиб, ҳарбийларнинг баёнотини давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолаганди.

«Биринчидан, хавф ҳамиша мавжуд. Аммо биз Арманистон Республикасида бундай иш бўлмаслиги бўйича келишувга эришишимиз керак. Энг муҳими, биз хотиржаммиз. Мамлакат ичкарисида душман йўқ. Бу энг асосий факт. Аммо муҳокама қилиниши зарур бўлган масалалар бор», деган Пашинян майдонда. У ишдан бўшатилган ҳарбий бошлиқларни «биродарлар» ва «ватан аскарлари» деб атаган, шунингдек, ўзи ҳам, оиласи аъзолари ҳам нима бўлмасин, мамлакатдан қочиб кетмаслигини ваъда қилган.

Кейинроқ Ереван марказида ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилган Пашинян бош штаб бошлиғига ўз ихтиёри билан кетишни таклиф қилганини маълум қилди — мамлакат президенти Армен Саркисян тегишли ҳужжатга имзо қўймаган. «Мен бугун Арманистон президенти билан гаплашдим. Агар у менинг Гаспарянни ишдан бўшатиш тўғрисидаги таклифимни маъқулламаса, демак, у ҳам давлат тўнтаришига алоқадор бўладими? Яхшиси, Оник Гаспарян ўзи ариза ёзсин ва кетсин, вазиятни чигаллаштиришнинг кераги йўқ. Мен у армияни халққа қарши қўйишига йўл қўймайман», деган у.

Ўз навбатида, Арманистон мудофаа вазирлиги сиёсий жараёнларга аралашмаслигини маълум қилди. «Арманистон қуролли кучлари республика чегараларини қўриқлайди ва хавфсизликни таъминлайди. Армия — сиёсатдан холи тузилма, сиёсий жараёнларга ҳар қандай аралашувга рухсат берилмайди», дейилади вазирликнинг «Интерфакс» агентлиги томонидан келтирилган қисқа матнли баёнотида.

Пашинян навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиш тўғрисидаги аввалги қарорини бекор қилмоқчилигини айтган. «Бугун майдондагилар навбатдан ташқари сайловлар масаласидаги режамни амалга оширишга йўл қўймади. Нима иш қилишимни фақат халқ ҳал қилади», деган бош вазир.

Шаҳар кўчаларини айланганидан кейин Пашинян яна бир бор тарафдорлари қаршисида чиқиш қилиб, халқ мамлакатда ҳарбий давлат тўнтаруви рўй беришига йўл қўймаслигини айтган. «Менинг барча аскарларга, зобитларга, генералларга айтар гапим — ўз ишингиз билан машғул бўлинг, чегараларни ва Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилинг. Бу менинг буйруғим — уни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», деган Пашинян.

Маҳаллий телеканалларда намойиш этилган кадрларда бош вазир кўча бўйлаб юргани ва ўз тарафдорларига мегафон орқали мурожаат қилганини кўриш мумкин. Унинг атрофида юзлаб одамлар тўпланган, аммо хавфсизлик хизмати ходимлари улар бош вазирга яқинлашишига йўл қўйишмаган.

#BREAKING #Armenia PM #Pashinyan fires army's chief

— Guy Elster (@guyelster) February 25, 2021
Бу вақтда мухолифатчилар ҳам ўз тарафдорларини Республика майдони яқинидаги опера биноси олдига келишга чақиришмоқда.
Айрим ҳудудларда кичик тўқнашувлар рўй бериб турибди.

🇦🇲Пашинян взял мегафон и возглавил шествие своих сторонников@serious_war pic.twitter.com/1d301RHEmw

— Серьезная Война (@serious_war) February 25, 2021
Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат фуқароларини «миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатлар»дан тийилишга чақирган, шунингдек, «бундай қадамларга жавоб қайтарилиши» ҳақида огоҳлантирган. «Фуқароларни иғвогарона чақириқларга берилмасликка, тартибни сақлашга ва огоҳ бўлишга чақирамиз. Давлат бошқарув органлари ўз функцияларини тўлиқ бажаришда давом этади», дейилган МХХ сайтидаги баёнотда.

«Искандер» бўйича баҳс

Ҳарбийлар ва бош вазир ўртасидаги зиддият Арманистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатрян бош вазир кўрсатмаси билан ишдан бўшатилгач кескинлашди.

Ҳарбийлар ўз баёнотида бош штаб бошлиғи ўринбосари Тиран Хачатрян ишдан бўшатилгани учун бош вазирдан дарғазаб эканликларини билдиришган. Аввалроқ ОАВда Хачатрян ҳукумат раҳбарининг россияликларнинг «Искандер» русумли ракета мажмуаси ҳақидаги гаплари учун мазах қилгани ҳақида хабар тарқалганди.

Пашинян 1in.am учун берган интервьюсида россияликлардан олинган қуроллар ўтган йил кузида Тоғли Қорабоғдаги уруш вақтида яхши фойда бермагани ҳақида гапирганди.

BBC корреспонденти Павел Аксенов: Никол Пашиняннинг россияликларнинг «Искандер» ракета комплекслари ишончсизлиги ҳақидаги сўзлари ҳарбий экспертларни ҳайратга солди ва Арманистондаги сиёсий инқироз учун баҳона бўлди.

Пашинян «Искандер» томонидан учирилган ракеталар портламагани ёки фақат ўн фоизга портлагани ҳақида айтди. У бу ҳақда 1in.am учун берган интервьюси давомида собиқ президент Серж Саргсяннинг агар Арманистон «Искандер»ларни қўллаганида урушнинг илк кунларидаёқ ғалаба қозониши мумкин бўлгани ҳақидаги гапларини изоҳлаш асносида гапирди.

Россиялик экспертлар бу жуда ишончли қурол эканини таъкидлашда давом этишмоқда. 24 феврал куни Yerevan.Today журналистлари генерал Тиран Хачатряндан бу сўзларни изоҳлашни сўради – у эса бунга жавобан «узоқ кулди» ва «бундай бўлиши мумкин эмаслиги»ни айтди. Бош штаб вакили «юзаки баҳолар билан хулоса чиқариш – ножиддийлиги»ни айтди ва журналистларга «бу қурол ҳақида нотўғри тушунчалар шакллантирмаслик»ни тавсия қилди. Кўп ўтмай у ишдан бўшатилган.

Тоғли Қорабоғдаги уруш вақтида Арманистон 2016 йилда Россиядан сотиб олинган «Искандер Э» ракета комплексларини ишлатган бўлиши ҳам мумкин. Арманистон армиясидаги бундай қурилмаларнинг аниқ сони маълум эмас, ОАВ хабарига кўра, Россия тўртта «Искандер» етказиб берган.

Уруш якунлангач арман армияси генерал-полковниги Мовсес Акопян (у Пашинян билан зиддиятда бўлган) журналистларга «Искандер»дан фойдаланилгани ҳақида гапириб берганди. Ноябр ойида Арманистон ҳукуматидаги манба BBC билан суҳбатда «Искандер»дан ракета учирилганини тасдиқлаганди.

Аммо ракета учирилган ва бу муваффақиятсиз чиққан бўлса-да, Никол Пашинян кўплаб ракеталар ҳақида гапирганди.

Россиялик ҳарбий эксперт Виктор Мураховский эса Арманистон Тоғли Қорабоғда «Искандер»ни қўллагани бўйича бирор далил йўқлигини, ракеталар ерга тушганидан кейин унинг излари қолиши ва ҳарбий мутахассислар қайси парча қайси типга мансублигини осонгина аниқлаши мумкинлигини айтади.

У арман ҳарбийлари қуролни сотиб олишдан олдин Россия полигонларида синов учиришларини ўтказишгани, шунингдек, ушбу мажмуа Грузия ва Сурияда ҳам қўлланганини айтиб ўтган.

News.am нашри 40 нафар юқори мартабали ҳарбий амалдор томонидан имзоланган армия баёнотидан иқтибос келтирган. Бош штаб баёнотида Хачатрянни ишдан олиш қарори «узоқни кўрабилмаслик ва асоссиз сабаблар» билан қабул қилингани, «Арманистон Республикасининг миллий ва давлат манфаатлари ҳисобга олинмагани» айтилади.

«Бош вазир ва Арманистон ҳукумати арман халқи учун ҳал қилувчи паллаларда етарли даражада холис қарорлар қабул қила олмаяпти», дейилади пайшанба куни тарқатилган баёнот матнида.

Ереванда нималар бўлмоқда

Тонгда Никол Пашинян барча тарафдорларини ҳукумат биноси олдидаги Республика майдонига йиғилишга чақирди. Майдондаги воқеалар ривожини кузатиб борган арманистонлик журналист Марк Григоряннинг айтишича, Пашиняннинг мурожаатидан кейиноқ у ерга 500га яқин киши келган. Шу билан бирга, у вазият тезда ўзгариши мумкинлигини истисно қилмаган.

Айримларнинг ҳисоблашича, Пашинянга содиқ бўлган олигархлар у ерга ўз ходимларини юборган — бу эса мингга яқин киши дегани.

«Арманистонда шундай вазият юзага келдики, заиф ҳукумат ва заиф мухолифат пайтида одатдаги каби биринчи планга ҳарбийлар чиқишади. Бизни лотин америкача сценарий кутаётган бўлиши мумкин — хунта келиши, сайловлар ваъда қилиши ва кейин нима бўлиши номаълумлик», деб ҳисоблайди Григорян.

Пашинян видеомурожаат қилиб, бош штабнинг баёноти у бош штаб раҳбари ва унинг ўринбосарини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонини имзолаганидан кейин тарқатилганини маълум қилди.

Кейинроқ бош штабдагилар Пашиняндан истеъфо талаб қилиш ҳақидаги баёнот кимнингдир босими остида эълон қилинмагани ҳақида айтиб чиқишди. «Бу генераллар ва зобитларнинг аниқ ва ишончли позицияси — бундан мақсад шундай муҳим паллаларда ватанни қутқариб қолиш. Яна бир бор ўзимизнинг аниқ позициямизни тасдиқлаймиз», дея таъкидланади бош штабнинг иккинчи баёнотида.

Дастлабки реакциялар
Туркия ташқи ишлар вазирлиги Арманистондаги воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолаши ва буни қатъиян қоралаши ҳақида маълум қилган. «Танқид қилиш, ҳукумат истеъфосини талаб қилиш — нормал ҳолат. Аммо армия томонидан ҳукуматни ағдаришга бўлган уринишга ва ҳатто чақириқларга ҳам тоқат қилиб бўлмайди», деган вазирлик раҳбари Мавлуд Човушўғли.

Худди шу вақтда Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарян фуқароларни ҳарбийларни қўллаб-қувватлашга чақирди ва Пашиняндан истеъфо талаб қилди. «Урушда ютқазган ва душманга ер бой берган ҳукумат кетиши керак. Бу биринчи навбатда миллий уйғонишимиз учун зарур бўлган кафолатдир», деди у.

Арманистон мухолифати етакчиси Вазген Манукян эса мамлакатда бўлаётган воқеаларни давлат тўнтариши деб ҳисобламаслигини маълум қилган. «Бу давлат тўнтариши эмас, армияда Арманистон хавфсизлигига таҳдид солувчи асосий душман кимлигини кўрсатиб қўйиш ҳуқуқи бор, асосий душман — Никол Пашинян ва армия шундай қилмоқда», деган Манукян мухолифатчилар митингида.

Пашинян ўтган йилнинг 10 ноябрида Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш бўйича уч томонлама келишувга имзо чеккач, Арманистонда бош вазирнинг истеъфосини талаб қилиб, норозилик намойишлари бошланди. Сўнгги кунларда ҳам Еревандаги йирик олий таълим муассасалари олдида йирик акциялар ўтказилди.

Бош вазирдан лавозимини тарк этишни талаб қилганлар қаторида мамлакатнинг икки собиқ президенти — Роберт Кочарян ва Серж Саргсян, шунингдек, Арман черкови иерархи — барча арман католикослари раҳнамоси Гарегин II ва Киликия уйи католикослари етакчиси Арам I ҳам бор.

Декабрда Пашинян мамлакатдаги барча сиёсий кучларни 2021 йилда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиш бўйича маслаҳатлашувга чақирганди.

«Мен халқнинг қарори натижасида бош вазир лавозимидан истеъфога чиқишга тайёрман. Бош вазир лавозимидан фақат халқ қарори асосида кетишим мумкин. Халқнинг ишончи тикланган тақдирда ҳозирги мураккаб пайтда Арманистон Республикасини бошқаришга тайёрман. Бу саволларга жавоб олишнинг янгона усули бор — навбатдан ташқари парламент сайловини ўтказиш», дея ваъда қилганди у фейсбукдаги чиқишида.

Аммо мухолифатчилар Пашиняндан сайловлар ўтказилишидан олдин лавозимидан кетишни талаб қилишди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремл ушбу мамлакатдаги воқеалар ривожини хавотир билан кузатиб бораётгани, аммо бу масала «Арманистоннинг ички иши» ҳисобланишини айтиб ўтди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.

Комментария қолдиринг!