Кучли аёл қандай бўлиши керак? Нургул Ешилчай карьераси, ҳаётга қарашлари ҳақида…

0
22


Ўзбек телетомошабинларига «Ишкомли уй» сериалидаги Баҳор роли билан таниш бўлган, айни вақтда Туркиянинг Fox каналида эфирга кетаётган «Гуноҳни ювиш» фильмида суратга тушаётган актриса Нургул Ешилчайнинг МАG журналига берган интервьюсини ўзбек тилида эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Актёрлик маҳорати сиз учун нимани англатади? Ўз ишингизни яхши бажаришга ёрдам берадиган деталлар ҳақида айтиб ўтсангиз?
— Актёрлик маҳоратининг 80 фоизи заковатдан иборат деб ҳисоблайман. Қаҳрамонни гавдалантиришда мантиқ ва тасаввурнинг аниқ бўлиши жуда ҳам муҳим. Атрофда нима бўлаётгани ҳақида билиш, кўриш ва янги тенденцияларни ўрганиш керак.

— «Гуноҳни ювиш» сериалида ҳеч қачон ўз эътиқодидан воз кечмайдиган она Зейнеп ролини ўйнаяпсиз. Зейнепга қандай баҳо берган бўлардингиз?
— Менга кўпроқ Зейнепнинг бошидаги аҳволи ёқади. Унинг ўз касби бўлган. У қувноқ, жаҳли чиққанида эса қоплон сингари бўлган. Аммо энди у босиқ, юввош. Сиз қаҳрамонни актёр сифатида дастлабки ҳолатини гавдалантирасиз, кейин эса сиз тушунмайдиган телевизион персонаж пайдо бўлади. Бегоналашгани учун роль ўйнаш қийинлашади.

— Сизга фарзандлари учун таваккал қилишдан қўрқмайдиган, шунингдек, севгисини ҳам йўқотмасликка уринадиган кучли аёл ролини ижро қилиш ярашади. Нима деб ўйлайсиз севгининг вақти ёки шартлари бўладими?
— Аёл киши аввало ўзига вақт топиши ва нимани хоҳлашини билиши керак. Болаларим нимани хоҳлайди? Эрим нимани истайди эмас, аввало ўзидан нима истаётганини сўраши керак. Аёл ҳеч ким учун ўзидан воз кечмаслиги ва полювгичга айланмаслиги керак. Айнан шу сабаб ҳам Зейнепни ўта кучли деб ҳисобламайман. Чунки у ўзи учун ҳеч нима қилмаяпти. Муратхон Мунганнинг «Кийиклар ва лаънатлар» спектакли бор. Унда кийикни севиб қолган эркак сеҳргарга мурожаат қилади ва кийик аёлга айланади. Турмуш қуриб бахтли ҳаёт кечирган жуфтликнинг фарзанди бўлмайди.

Эркак болали бўлишни истайди, эркакнинг бу аҳволидан хафа бўлган аёл сеҳргарга такрор мурожаат қилиб вазиятни англатади. Афсунгар аёлга агар унинг кўзлари ўйиб олинса, фарзандли бўлиши мумкинлигини айтади. У кўзларини ўйиб олганидан кейин бўлса, эри уни кўзлари учун яхши кўрганини таъкидлайди. Демоқчи бўлганим, ҳаётдаги исталган муносабатларнинг қадр-қиммати бўлмаслиги мумкин. Агар ўзингиз учун яшасангиз, фарзандларингиз ҳам бахтли, севгининг ҳам энг яхшиси бўлади. Севги ёш танламайди.

— Сиз учун севги нима? Ўзингизни севиб қолган киши сифатида қандай тасвирлаб бера оласиз?
— Инсоният тарих давомида топилмаган саволга жавоб беришимни сўраяпсиз. Мен севиб қолсам, ўта қувноқ бўламан, кўп куламан. Менда юқорига лифтда эмас, зинапоядан кўтарилишга тайёр бўладиган даражада энергия пайдо бўлади.

— 2020 йилдаги фото кўргазмада аёлларнинг кучига урғу берган эдингиз. Сизнингча жамиятда кучли аёл феномени пайдо бўлиши учун нима қилиш керак?

— Ҳар қандай даврда турли аёллар идеаллаштиришга ҳаракат қилинади. Бизга идеал эмас, эркин яшайдиган аёллар керак. Аёлнинг қанчалик кучли эканини очиб берадиган, ларзага келтирадиган ва ҳатто дунёни ўраб турадиган қарашнинг келиб чиқиши шу замин билан боғлиқ. Aнадолуда матриархат 16 минг йилдан буён мавжуд. Бу минг йиллик тарих давомида ҳамиша қудратли аёлларнинг уйи бўлган макон. Бу замин кучли аёллар, Кибеле (барокат тангриси), Афродита (севги тангриси) ва Амазонка (юнон афсоналарида жанговар аёллар) авлодларининг ери. Бизнинг генлар ўта кучли.

— «Ишкомли уй» барчамиз учун эсда қоларли сериал бўлган. Ўша йилларни ёдга олганда нима ҳақида ўйлайсиз?
«Ишкомли уй» вақтида барчамиз жуда ҳам ёш бўлганмиз. Бу Чангин Ирмакнинг биринчи иши, кординатор эса Тимур Савжи бўлган. Шундан кейин у ўзининг шахсий продюсерлик марказига асос солган. Ўзжан Дениз сингари мен учун ҳам биринчи лойиҳа бўлган. Бу ёшликнинг оловли лойиҳаси. Шу сабаб ҳам мен учун барчаси жуда қизиқарли кечган.

— Қандай сериалларни томоша қиласиз?
Мен барча фаслларини бошидан охиригача томоша қилган сериалнинг ўзи йўқ. House Of Cards, Crown, Breaking Bad, The Handmaid’s Tale, Mad Man сериаллари менга жуда ҳам ёқади.

— Янги авлод юлдузларидан кимларни ёқтирасиз?
Жияним Бусе Челик, Неслиҳан Атагул, Ҳазал Кая, Мерве Диздар, Жем Йигит Узумўғлу ва Бурак Дениз ёқади.

— Кўп йиллардан буён экранда доимгидек гўзал кўринишингиз сири нимада?
Тонгда юзимни муз бўлаги билан артаман. Галаконцертлардан аввал тухум оқидан ниқоб қилганимдан кейингина макияж қиламан. Картошка кўз остидаги ҳалқаларни яхши бартараф қилади.

— Ўзига хос бўлишингизнинг сабаби нимада?
— Узоқни ўйлаб иш қиламан, эмоционалман, аммо ҳамма нарсани назорат қила оламан, синчковман ва ланжликка чидай олмайман.

— Одамлар сизни қувноқ ва самимий деб ҳисоблайди. Суратга олиш майдончасида саҳналарингиз суратга олингунича кимлар билан ва нима ҳақида гаплашасиз?
— Суратга олиш майдончасида болалар билан вақт кечиришни яхши кўраман. Улар зерикарли иш ҳақида гапирмайди, менга рақамли оламни ўргатади, мен уларнинг ҳаёти ҳақида тинглайман. Болалардан ташқари менга ҳаммадан кўп, сўнгги вақтларда сафарга чиқишни режалаштириш ёқади. Бу мени бахтиёр этади.

— Муваффақиятли актриса, гўзал она ва ўзига хос аёл эканлигингизнинг сири нимада?
— Тўлиқ ҳаёт кечириш сири: ўзликни англаш, мукаммал бўлишга уринмаслик ва бошқаларга тақлид қилмасликда.

— Ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланувчи сифатида унинг таъсирига қандай баҳо берасиз?
— Фикримча, ижтимоий тармоқлар исталган нарса ҳақида биринчи бўлиб, шахсан ўзи маълумот бериш имконини беради. Воситачилар йўқлиги учун эса илиқ мулоқот қилиш, дунёда нима юз бераётгани ҳақида осон тушуниш мумкин.

— Сўнгги йилларда рақамли платформаларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Айниқса, пандемия даврида янада жадал тарқалаётган рақамли одатлар аудитория ва киносаноатга нима олиб келади, деб ўйлайсиз?
— Инсон дилкаш мавжудот ва айнан шу сабаб ҳам театр, кинотеатр ва концертлар ҳамиша мавжуд бўлади. Кинотеатрда фильм томоша қилиш жараёнида барча баробар йиғлайди ва кулади. Жамоавий реакция бағоят гўзал, шундай эмасми? Рақамли оламда эса ҳис-туйғулар индивидуал ҳис қилинади. Аммо мен туйғуларни биргаликда бошдан кечириш муҳим, деб ўйлайман. Рақамли коинот қонимизга сингиб бўлди.

Айнан шу сабаб ҳам қарам бўлиб қоладигандек туюлади. Фильмлар ҳам турли. Кинотеатрда кўриш исталган ва рақамли платформада томоша қилиш хоҳланадиган фильмлар бошқа-бошқа. Ҳозир ҳаммаси тартибсиз кўринишга эга, аммо ажратилса янада равон кўринади. Шунда менинг фикримча, ташвишланишга ҳожат қолмайди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.

Комментария қолдиринг!