Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ишдан олинди

0
12

Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаев ишдан олинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида маълум қилди.

Президент тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган шароитларга қарамасдан Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳолат ёмонлигини танқид қилган.

«Ҳар бир ҳоким билиб олсин – ҳозир харажатимиз даромадимиздан 14 трлн сўмга кўп бўляпти. Ахир тадбиркорликни ривожлантирмасак, бу маблағни қаерда топамиз?

Тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга (25,6 триллион сўм берилган) ўсди. Лекин, айрим ҳудуд ва сектор раҳбарлари яратилган бу имкониятлардан ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаяпти.

Вилоят ҳокимлари – сизлардан талаб қаттиқ бўлади. Мен ҳам ҳоким бўлганман, лекин менинг номзодим ўтмасди, аппаратдан қўйиларди кадрлар. Мен сизларга тўлиқ ваколатни берганман-ку, қани натижа?» деган давлат раҳбари.

Президент вилоят, туман ва шаҳарлар раҳбарлари жойларда кичик бизнес вакиллари билан умуман мулоқот қилмаётганини танқид қилган.

«Шу сабабли, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Бўтаев, солиқ бошқармаси бошлиғи Бозоров, марказий банк раҳбари Ражабов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳасанов, марказий банк раҳбари Саидов ва солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадиевлар лавозимидан озод этилади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Одил Ҳасанов 2020 йил февралидан буён Навоий вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Муқаддам Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари сифатида ишлаган Ўткир Бўтаев 2019 йил октябрида Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.

Комментария қолдиринг!